
Google компанияси ўз браузерини яратаётгани тўғрисидаги миш-мишлар тахминан 2005 йиллардан бошлаб вақти-вақти билан турли интернет ресурсларида пайдо бўларди. Фақат 2008 йилнинг августидагина ушбу миш-мишлар ўз исботини топди. 2008 йил 2 сентябрда эса қидирув гиганти ўзининг браузерини расман эълон қилди. Бошқа браузерлардан соддалиги, қулайлиги ва ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турувчи ушбу браузер интернетда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Google Chrome очиқ кодли ва текин. Хоҳлаган одам ҳам дастур кодини, ҳам браузернинг ўзини бемалол юклаб олишлари мумкин:
Google Chrome: http://www.google.com/chrome/
Дастур коди: http://code.google.com/chromium/
Интерфейс
Google Chrome интерфейси иложи борича соддалаштирилган ва ўзидан аввалги браузерларнинг қулай жиҳатларини олган. Windows дастурларига хос бўлган ойна сарлавҳаси ўрнига таблар панели жойлаштирилган [1]. Ускуналар панели ҳар бир табнинг «ичидалиги» Opera браузерини эслатиб юборади [2]. Аслида, саҳифани қайта юклаш, ортга қайтиш, манзил майдони ва ҳоказо тугмалар айнан саҳифага, яъни табга тегишли.
Браузер бош менюга ҳам эга эмас. Барча қўшимча функциялар ускуналар панелидаги икки тугмага бириктирилган [3].
Янги очилган таб кўпчилик браузерлар сингари «қуруқ» эмас — бу ерда ҳам Opera нинг яна бир имконияти яққол кўзга ташланади [5]: Speed Dial. Лекин кейинроқ ушбу «бўш» саҳифа «Speed Dial»дан фарқ қилишини билиб оласиз. Саҳифалар учун хатчўплар ҳам шу саҳифада акс этади [4].
Браузер имкониятлари
Менимча, Google Chrome веб-саҳифаларни юклаш ва уларни акс эттириш учун хизмат қилишини англаб етдингиз.
Шунинг учун, унинг ўзига хос ва қулай имкониятларини кўздан кечиришимиз етарли.
Ҳаммаси учун битта майдон
Chrome ни бошқа браузерлардан тубдан ажратиб турувчи хусусияти — унинг универсал манзил майдони ҳисобланади. Сиз манзил майдонига ҳарфлар киритишингиз мобайнида браузер ушбу матнни ташрифлар тарихидан ва Google қидирув тизимидан (!) излайди ва натижаларни мос равишда кўрсатиб беради:
Кўриб турганингиздек, браузер ўхшаш сўзлар бўйича кўп қидирлган калит сўзларни ҳам таклиф қилади. Агар сиз манзил майдонига тўлиқ домен номини киритмасангиз, [Enter] клавишини босиш орқали шу киритилган матн бўйича Google қидирув тизими натижаларига ўтасиз. Эслатма: агар сиз браузер мосламаларидан бошқа қидирув тизимини танласангиз, юқоридаги имкониятлар ишламайди.
Янги таб саҳифаси
Ушбу саҳифа ҳақида юқорида бироз маълумот келтириб ўтгандик. Opera браузери мухлислари «Speed Dial»ни эслашлари табиий. Лекин Chrome да ушбу саҳифада фақат энг кўп ташриф буюрилган саҳифаларнинг скриншотлари махсус катакларда кўрсатилади. Мос катакни босиш орқали шу саҳифа юкланади. Катакни ўзидаги саҳифаларни таҳрирлаб бўлмайди: ҳаммаси браузер томонидан автоматик равишда тартибланади. Бундан ташқари, янги таб саҳифасида ташрифлар тарихи бўйича қидирув ва ёпилган таблар рўйхати ҳам жойлашган:
Сарлавҳасиз браузер
Браузер ойнасида сарлавҳанинг йўқлиги ҳам кўпчиликни ажаблантирди. Лекин бир тарафдан браузер учун сарлавҳа фақат браузер номини ва саҳифа сарлавҳасини ёзиш учун зарур, холос. Масалан: «Фонус» блоги – Mozilla Firefox. Chrome ижодкорлари браузер номи учун шунча жойни кўп кўришган шекилли, сарлавҳани батамом таблар учун ажратишган. Саҳифанинг юкланаётганини билдирувчи анимация саҳифа юклангандан сўнг мос фавиконга айланади. Ҳамма табларнинг эни бир хил бўлганлиги учун, узун сарлавҳали саҳифалар табидаги ёзувлар уч нуқта билан қисқартирилади:

Ойна сарлавҳасини таблар билан алмаштириш ғояси бошқа браузер яратувчиларини ҳам ўзига жалб қилди. Машҳур Apple компанияси Safari браузерининг 4-бета версиясини Chrome интерфейсига ўхшаш қилиб чиқарди…
Веб-дастурлар
Янада соддалик учун, Chrome браузерида сайтларни веб-дастур сифатида ишга тушириш имконияти мавжуд. Бунда сизнинг иш столингизда махсус ёрлиқ яратилади. Шу ёрлиқ орқали ишга туширилган браузерда сайт ёки сервис худди ҳақиқий Windows дастури кўринишини олади.
Бундан ташқари, Chrome Google компанияси томонидан ишлаб чиқилган Gears технологиясини тўлиқ қўллай олади.
Gears технологияси интернетдаги турли хизматлар, сайтлар фойдаланувчи компьютерида исталганча маълумот сақлаш имкониятини беради. Масалан, сизда Google Gears ўрнатилган бўлса ва сиз фойдаланадиган сайт ушбу технологияни ишлата олса, сизга керак маълумотларни, турли скриптларни компьютерингизга сақлаб қўяди ва сизда интернетга чиқиш имконияти йўқ пайтда ҳам сайтдан фойдаланаверасиз. Қачон интернетга чиқиш имконияти бўлганда, сайт сизда локал равишда сақланган маълумотларни интернетдаги билан янгилаб олади.
Google Gears технологияси ҳақида бошқа мақолада бемалол суҳбатлашамиз.
Ҳар бир таб биттадан жараён
Кўпчилигимиз бирорта «оғирроқ» сайтга кирганимизда браузернинг «қотиб қолиши»нинг кўп гувоҳи бўлганмиз. Бунда биз бир нечта табда очган саҳифаларимизни кўриш имконияти батамом ёпилади. Chrome да эса, ҳар бир таб тизимда бошқа жараён сифатида ишлайди. Шу сабабли, бир табнинг тўхташи браузердаги бошқа табларга таъсир қилмайди. Қайси таб қанча ресурс олаётганини кўриш ва улар ишини тўхтатиш учун «Диспетчер задач» мавжуд. У таблар панелининг бўш жойида ўнг клик орқали чиқадиган менюдан чақирилади. Фойдаланилаётган хотира, марказий процессорнинг юкланиши ва тармоқдан фойдаланиш ҳақидаги маълумотларни акс эттиради:

Агент 007
Браузернинг «инкогнито» режими — ўзига хос хусусиятларидан бири. Инкогнито режимида браузерни ишга тушириш учун: «Настройка и управление Google Chrome» тугмасидаги менюдан «Новое окно в режиме инкогнито» банди танланади ёки [Ctrl]+[Shift]+[N] клавишлари биргаликда босилади. Инкогнито режимида сиз ташриф буюрган саҳифалар, кукилар, қидирув калит сўзлари ва ҳ.к. маълумотлар сақланмайди. Браузер эса, қуйидаги тусга киради:

Закладки хатчўплар
Firefox мухлисларининг ҳам навбати етди: Chrome да саҳифаларни хатчўплаш Firefox 3 ни жуда эслатиб юборади. Содда, қулай:

Умумий маълумотлар
Бошқа браузерлар каби Chrome ҳам хатчўплар, файллар юклаш менеджерларига эга. Саҳифадаги сўзларни Safari каби қидириши мумкин.
Браузернинг қўшимча ҳамма имкониятлари манзил майдонининг ўнг тарафидаги «Управление текущей страницей» ва «Настройка и управление Google Chrome» тугмаларидаги менюларда жойлашган:

Кўриб турганингиздек, ушбу менюларда кўп имкониятлар жойлашган. Биз бу менюларнинг ҳар бири ҳақида бирма-бир тўхталиб, турли скриншотлар келтириб ўтирмаймиз. Чунки, қизиқувчилар бу ишни ўзлари ҳам давом эттиришлари мумкин. Лекин, иккинчи тугмадаги менюнинг «Параметры» банди орқали чақириладиган Google Chrome мосламаларига яхшироқ эътибор қаратишингизни хоҳлаймиз.
Агар браузер сизга «ғалатироқ» кўринса, илтимос, Google компаниясининг бошқа хизматлари ва дастурларига ҳам кўз ташлаб қўйинг; улар ҳам сизга фойдали бўлишига ишончимиз комил.
Эътиборингиз учун раҳмат!

Ajoyib maqola. Illyustratsiyalar ham zo‘r chiqibdi, tabriklayman.
[...] жангига Google Chrome нинг кириб келиши ушбу йўналишдаги тасаввурларни [...]