
Opera браузерининг мобил версияси — Opera Mini билан таниш интернет фойдаланувчилари унинг саҳифаларни анча тез юклашининг гувоҳи бўлганликлари табиий. Умуман олганда, Opera Mini бошқа мобил браузерлардан деярли фарқ қилмайди. Фақат саҳифаларни юклашда Opera компанияси томонидан ишлаб чиқилган махсус технология — Opera Turbo ни ишлатади. Энди шу технология ёрдамида бошқа қурилмаларда ҳам интернет саҳифаларининг юкланишини анча тезлаштириш имконияти пайдо бўлди, хусусан, компьютерлар учун Opera 10 браузери Opera Turbo технологияси билан ишлайдиган қилиб чиқарилди.
Opera Mini ва Opera 10 браузерларининг ишлаш принципи қуйидаги схемада кўрсатилган(ушбу расм http://www.opera.com/business/solutions/turbo/ саҳифасидан олинди):

Расмнинг чап тарафида Opera клиентлари, яъни компьютер ва мобил қурилмалар учун Opera браузерлари ёки интернетга мурожаат қилувчи бошқа қурилмалар. Ўнг тарафда интернетда жойлашган сайт сервери. Расмнинг ўртасидаги Opera Turbo Server эса саҳифани тез юклашдаги асосий ролни ўйнайди:
- Браузерда бирор саҳифани юклашга сўров берилганда ушбу сўров Opera Turbo серверига жўнатилади.
- Opera Turbo сервери сўралган саҳифани сайт жойлашган сервердан ўзига юклаб олади ва уни сиқиб(архивлаб) браузерга қайтариб жўнатади.
- Браузер Opera Turbo серверидан келган архивни локал равишда ёйиб олади ва фойдаланувчига кўрсатади.
Саҳифаларни сиқиш учун Opera компаниясининг кўплаб Turbo серверлари ишлатилади. Масалан, 2009 йил февраль ойида шу каби серверлар 124 миллион мегабайт маълумотни қайта ишлаган1.
Браузерларни қуйидаги боғлардан юклаб олишингиз мумкин:
Opera Mini: http://www.opera.com/mini/
Opera 10(Opera 10 preview with Opera Turbo): http://labs.opera.com/downloads/
Opera 10 да Turbo режимни активлаштириш учун ҳолатлар панелидаги мос тугма босиб қўйилади:
![]()
Turbo режимида саҳифаларни юклаш камида 2 баробарга тезлашади. Расмлар ҳам сиқиб жўнатилганлиги туфайли, кўп расмларнинг сифати анча пастлайди:

Хуллас, Opera 10 браузерининг Turbo режими уй шароитида турли янгиликлар ўқиш, электрон почтадан фойдаланиш каби амаллар учун жуда қўл келади.
Мамлакатимизда ҳали кўпчилик фойдаланувчилар Dial Up ёрдамида интернетга боғланишини ҳисобга олиб Opera нинг янги версияси ҳақида ёзишга қарор қилгандик. Айтгандай, Opera Mini фойдаланувчилари Ўзбекистонда ўтган йилга нисбатан 2600% га ошибди1.
Opera Software компаниясининг 2009 йил 25 мартдаги пресс-релизидан: http://www.opera.com/press/releases/2009/03/25/
