Ушбу ёзувдан бошлаб «Кечинмалар» рукнини
сизларга тақдим қиламиз. Ушбу рукнда турли
юртдошларимизнинг кечинмалари, ўйлари билан ўртоқлашамиз
Вақт алламаҳал бўлиб қолганда телефон жиринглади. Экранда яқин дўстим ва ҳамкасбимнинг исми ёниб ўчарди.
— Касб байрамингиз билан…
— Бирга бўлсин, — дедим ухлаётган ўғлимни уйғотиб юбормаслик учун ҳовлига чиқарканман.
— Узр, мен бироз ичдим. Айни пайтда сизга баъзи нарсаларни айтиб олмоқчиман. Чунки, кейин айтолмайман.
— Жоним билан тинглайман.
— Сиз негадир ёзмай қўйдингиз. Бу фақат менинг фикрим эмас. Бугун ҳамкасблар билан ўтиргандик…
— …
— Ахир, яхшигина қаламингиз бор. Ишхонамиздаги ижодий муҳит ҳам ҳавас қилгудай, тўғрими?
— Тўғри.
— Коллективимиз сиздан кўп нарса кутмоқда. Бугунги баъзи гаплардан илғадимки, сиздан бироз ихлослари қайтган. Биламан, сиз бундай давраларда иштирок этмайсиз, аммо баъзида ичкилик ҳам одамларни бир-бирига яқинлаштиради.
— Шу гапингизга эътирозим бор, — дедим гапини бўлиб. — Балки, вақтинча яқинлаштирар, аммо аслида одамлар орасига рахна солади. Унинг ҳеч бир хайри йўқ.
— Балки… Лекин шундай пайтларда даврага қўшилиб туриш керак деб ўйлайман.
— Менинг фикрим бошқачароқ…
— Шундай қилаверсангиз бир чеккада қолиб кетасиз, демоқчиман…
— Қарашлар зиддиятли тус олса, вақт зиёнга ишлайди…
— Мени қийнаяпсиз…
— Гап келганда шуни билдириб қўйишни истардимки, танишларим кўп, — дедим. — Дўстларим эса бармоқ билан санарли. Мен улардан ҳеч бирини йўқотишни истамайман…
— …
— Майли, бу ҳолат ҳам ўткинчи. Эртага гаплашармиз.
— Хўп, лекин сиз кўп-кўп ёзинг. Хурсанд бўламан.
Хайрлашгач, дўстимнинг самимий гапларидан мутаассир бўлиб, уйқум келмади. Анча йиллик ҳамроҳим — кундалигимни очдим. Дилда чала қолган гапларни оққа кўчира бошладим…
Менга мавзу беринг!
«Хўп дўстим, ёзаман. Ахир, ўзим ҳам сиқилиб кетаман ёзмасам. Лекин… Менга мавзу беринг… Нимани ёзсам бошқаларга нафи тегади? Мен оқ қоғозга оқ қалам билан ёзаверганим билан қишлоқдаги ака-укаларимнинг неча йиллик чориқлари янгиланиб, эгнилари янги кийим кўрармиди? Ёзганларим бизни деб юзини ажин босган, ўтин синдиравериб, хас-ҳашак тўплайвериб қўллари қадоқ бўлиб кетган онамнинг эски печига тутандириқ ҳам бўлолмаса, боласига чиқадиган ойлик ёрдам пулига кўз тикиб, таъмагир кассирникига кунора қатнайдиган ҳамқишлоғимга ёрдам берай десам, йўлимга йўғон ғулалар юмаласа, тор келганда ҳеч ким ёрдамга кела олмаслигига кўзим етиб турса, нима қилиш керак?
Ёхуд катта давраларда маърифатдан, ибо-ҳаёдан, ор-номусдан соатлаб гапириб, пана-пастқамларда иркит кўрпачага ётиб юрган, мастона кўз қисиб, боласи тенги қиз-жувонларга шаҳвоний термулишдан ўзини тийиб туролмайдиган буқаламунлар ҳақида ёзайми! Нима наф? Улар барибир тузалмайди-ку!
Ёки мен ҳам сигарет тутатиб, мастлигида қилган қилиқлари, алжираган гаплари учун ҳамюртим Шайманқулнинг юзига тутун пуфлаб хумордан чиқайми? Носоғлом муҳитда улғайиб, етиб келолган жойи шу бўлса, дунёқараши шаклланмагани учун у шунга лойиқми?
Ҳа дўстим, жуда-жуда ёзгим келади. Аммо ёзганларимнинг ҳеч бўлмаса қаламнинг оғиричалик тош босишини истайман. Ёзишнинг ҳам ўз гашти, фақат ҳис қилиш мумкин бўлган роҳати бор. Сўзнинг ҳам ўз ҳарорати бор. Битикларим чўғ сачратиб турса дейман. шунчаки ёзишдан эса, на ҳаловат топаман, на фойда. Ахир ҚАЛАМ илоҳий, СЎЗ илоҳий. Уларнинг-да увол-савоби, ҳисоб-китоби бор. Ҳозир ҳам тўлиб-тошиб ёзгим келяпти. Фақат… Менга мавзу беринг…»
Дардингга доя…
Яна нималарнидир ёзавердим, ёзавердим… Тонг отибди. Шу тун ухлаёлмаган бўлсам-да, ичимда моғор босиб ётган ўйларимни қоғозга тўка олганим учун дўстимдан миннатдор бўлдим. Орадан икки кун ўтгач, бўлиб ўтган кичик воқеа сабаб, унинг ароқ ҳақида айтган фикрларидан пушаймонлигини сездим. Ўша кунги суҳбат бизни янада яқинлаштирди. Ёнингда шундай дард олувчи дўстларинг бўлганга нима етсин! Сизнинг ҳам шундай дўстларингиз бордир-а?
