Google Chrome OS ҳақида фикрлар

Google сўнгги пайтларда турли ўзига хос маҳсулотлари билан бизни ҳайратда қолдиришдан чарчамаяпти. Сал кам бир йил олдин ўзининг браузери — Google Chrome орқали интернетни «ларзага» солганди. 7 июль куни эса, шу браузер бириктирилган ҳолатда ишлайдиган операцион тизимни яратаётганини эълон қилди: Google Chrome OS(Chrome Operating System)!

Қуйида Google компаниясининг расмий блогидаги «Google Chrome OS га кириш(Inroducing the Google Chrome OS)» номли мақоласининг таржимасини келтириб ўтамиз:

Google Chrome OS га кириш(таржима)

Google Chrome браузерини бошлаганимиздан бери ўтган тўққиз ой жуда қизиқарли ўтди. 30 миллиондан кўпроқ одам ундан доимий равишда фойдаланяпти. Биз Chrome ни Интернетда яшовчи — маълумот қидириш, электрон почтани ўқиш, савдо қилиш билан шуғулланувчи ёки шунчаки дўстлари билан алоқада бўладиган одамлар учун ишлаб чиқардик. Аммо ҳозир браузерлар ишлаб турувчи операцион тизимлар интернет йўқ даврда яратилган. Бугун Chrome браузерининг давоми бўлган янги маҳсулот — Google Chrome Операцион Тизимини эълон қиламиз. Бу операцион тизимлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида яна ўйлаб кўриш учун уринишимиз.

Chrome OS очиқ кодли, енгил операцион тизим, асосан, нетбукларга мўлжалланган. Шу йил биз унинг кодини омма эътиборига ҳавола қиламиз; 2010 йилнинг иккинчи ярмидан эса ушбу операцион тизим билан ишловчи нетбуклар пайдо бўлади. Ҳозирда партнёрлар билан ушбу лойиҳа бўйича музокаралар олиб боряпмиз, тез орада очиқ код жамоаси билан ҳам ишлашни бошлаймиз, чунки биз ўзимизнинг қарашларимизни бўлишишни хоҳлаймиз. Шу орқали биз нимага эришмоқчи эканлигимизни ҳамма тушунади.

Тезлик, соддалик ва хавфсизлик — Chrome OS нинг асосий жиҳатлари. Биз ОТни тез ва енгил бўлиши, ишга туширгандан сўнг бир неча секундлар ичида тармоқда бўлишингизга мослаб лойиҳалаштиряпмиз. Фойдаланувчи интерфейси минимал: фойдаланувчини тармоқда ишлашдан чалғитмайди. Chrome браузери сингари ушбу ОТни яратишни ҳам бошидан бошлашга тўғри келди: фойдаланувчилар вируслар, зарарли дастурий таъминот ва турли хавфсизлик мосламалари билан шуғулланмаслиги учун ОТлар асосида ётган хавфсизлик архитектураси тўлиқ ўзгартирилди. Тизим шунчаки ишлаши зарур.

Chrome OS x86 ва ARM процессорларида ҳам ишлайверади. Ушбу ОТ билан бир нечта нетбуклар чиқариш учун биз турли қурилма ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Дастурий таъминот архитектураси содда: Chrome браузери Линукс ядроли янги ойналар тизимида ишлайди. Ҳозирда мавжуд бўлган барча веб-дастурлар ушбу ОТда ишлайверади, янгилари ихтиёрий веб технологиялар асосида ёзилиши мумкин. Ва, албатта, бу веб-дастурлар бошқа ОТлардаги браузерларда ҳам ишлайверади(веб-дастурлар фойдаланувчилари фақат ушбу платформа билангина чегараланиб қолмайди).

Chrome OS — янги лойиҳа, Android платформаси билан боғлиқ эмас. Android бошидан турли қурилмаларда ишлаш учун мўлжалланган: мобил телефонлардан бошлаб нетбукларгача. Chrome OS эса кўп вақтини интернетда ўтказувчи фойдаланувчиларга мўлжалланган. У турли кичик нетбукларни ва персонал компьютерларни ҳам қувватини оширишга кўмаклашади. Android ва Chrome OS баъзи соҳаларда кесисиши мумкин, аммо биз ўйлаймизки, танлаш имконияти инновацияларнинг ривожланишига ёрдам беради. Бундан ҳамма фойда кўради, албатта, Google ҳам.

Фойдаланувчилар бизга компьютерларни такомиллаштириш лозимлиги ҳақида тез-тез ёзиб туришади ва биз уларни қувватлаймиз. Одамлар электрон почтадан доимий бохабар бўлишни исташади, компьютер ва браузернинг юкланишини кутишга вақт сарфламасдан. Улар компьютерлари сотиб олинган вақтидаги каби тез ишлашини, маълумотларни қаерда бўлишдан қатъи назар кўришни хоҳлашади. Фойдаланувчилар компьютерни йўқолиб қолиши ва файлларни бошқа жойга кўчириб қўймаганликлари ҳақида қайғурмасликлари лозим. Энг асосийси, улар янги қурилмалар учун компьютерни мослаш учун вақт йўқотмасликлари керак. Компьютер қанча қулайлашиб борса, фойдаланувчилар шунча кўп вақтини интернетда ўтказиши Google учун яхшироқ.

Биз ҳали кўп ишлашимиз зарур ва бунда очиқ код тарафдорларининг ёрдами керак. Google Chrome OS қандай тизим бўлиши бизга жуда қизиқарли, умид қиламизки, сизга ҳам! Кузда биз янгиликлар билан қайтамиз.

Chrome OS

Юқоридаги таржима бироз тушунарсиз ва ғализроқ чиққан бўлиши табиий, камина таржимон эмасман, юқоридаги шунчаки мустақил таржима.

Ушбу ОТ фақат битта ҳақиқий дастурни ишлашига мўлжалланган: браузер. Албатта, фон режимида бир неча дастурлар ишлаши мумкин, лекин улар фойдаланувчига сезилмайди. ОТ юкланиши билан у Google Chrome ни ишга туширади; браузер эса веб-дастурларни юклайди. Веб-дастурларни локал ўрнатиш имконияти ҳақида маълумотга эгамасмиз, лекин бундай имконият бўлишини кутиб қоламиз. Веб-дастурлар ихтиёрий технология асосида яратилаверади; асосида HTML ва JavaScript бўлгани ҳолда. Масалан, сиз ушбу ОТ учун PHP да ҳам дастур тузаверасиз.

Юқорида айтилганидек, ОТ ядроси Линукс. Шунинг ўзи ҳозирда Windows учун кенг тарқалган вирусларни ушбу ОТда ишлашининг олдини олади. ОТ фақат браузер дастуридан ташкил топгани учун унда ишлаш жуда қулай бўлади. Интерфейсда ҳам ортиқча элементлар бўлмайди.

Ҳозирда кўпчилик нетбукларга Windows XP ёки Ubuntu Linux ОТлари қўйилади. Шу йил охиридан бошлаб чиқариладиган нетбукларнинг кўпчилиги эса Windows 7 билан жиҳозланади.

Эслатиб ўтишимиз жоизки, Chrome OS фақат нетбукларга мўлжалланган биринчи ОТ эмас. Аввалроқ нетбуклар учун мўлжалланган Moblin ОТи тақдим қилганди(ушбу лойиҳа Intel компанияси томонидан қўллаб-қувватланади ва, асосан, Intel Atom процессорлари учун мўлжалланган). Moblin ҳам содда, қулай; Линукс ядроси асосида яратилган. Унинг имкониятларини қуйидаги видеода кўришингиз мумкин:

Хоҳловчилар Moblin ни виртуал машинага ёки нетбукларга ўрнатиб кўришлари мумкин.

*****

Аввалдан хулоса қилиш қийин. Google компаниясининг тажрибаси ва яратадиган маҳсулотлари доимо фойдаланувчилар эътиборида бўлишини ҳисобга олсак, кўпчилик ушбу ОТни ҳеч бўлмаса синаб кўришлари табиий. Нетбуклар бозорида эса, Microsoft компанияси учун катта рақобатдош пайдо бўлади.

Биз учун бир-бири билан рақобат қиладиган маҳсулотлар кўпайгани яхши. Зеро, «танлаш имконияти инновацияларнинг ривожланишига ёрдам беради.»

2 та фикр билдирилган:
  1. Shomurod

    Aytolisizmi, nega Windows OT eskirgan sayin sekinlashib boradi? Yoki bu holatni boshqa OT larda ham kuzatish mumkinmi???? Javobingiz u-n oldindan katta rahmat!!
    Shomurod, from Germany

  2. Фонус

    Шомурод, кўп Windows ОТларининг вақт ўтган сайин секинлашиб бориши сабаби — турли дастурлар ўрнатилиши давомида реестрга ёзиладиган маълумотлар, тизим ўрнатилган дискнинг фрагментация бўлиб кетиши, вақтинчалик файлларни тозаламаслик ва ҳ.к.лар бўлиши мумкин. Юқорида айтилган сабабларни олдини оладиган махсус дастурлар ҳам мавжуд:
    CCleaner — реестрни тозалаш, автоюкланиш, дастурларни ўчириш, вақтинчалик файлларни тозалаш;
    Auslogics Disk Defrag — дискни дефрагментация қилиш.

    Аниқ бирор ташхис қўйиш қийин. Ҳар бир ҳолатда турли сабаблардан келиб чиқиши мумкин ОТнинг секинлашуви.
    Ҳурмат билан.

Фикр билдириш



XHTML: Ушбу теглардан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>